16 июля 2015 г.

O`zbek Futboli !!!


  • - Элмурод ака, нега термада мураббий ўзгарганидан бери танқидий мақола ёзмаяпсиз?,- дейди мухлислар. Мен эса – нимага энди терма ҳақида фақат танқид ёзишим керак – дея ўйланиб қоламан.

    Рости охирги уч-тўрт  йилда термамизнинг мухлислар ўртасидаги обрўси ачинарли даражада пасайиб кетди. Асосий жамоамиз мураббийи ва футболчилар аллақачон латифа, мем, карикатура ва ҳажвий ҳикояларнинг бош қаҳрамонларига айланиб бўлган.    Бунга сабаб бўлган омиллар эса  кўпдан-кўп... Ҳўш, аслида, миллий деб аталмуш жамоага муносабат  қандай бўлиши лозим?   

    Ҳамма гап мухлислар кўнглида

    Айтишларича инсон бутун бошли бир йилни эслаб қола олмайди, зеро ўзи завққа тўлган  сонияларни бир умр ёдда сақлар экан.

    Ўзбек футбол мухлислари хотира қутисини титкилаб кўрсангиз, ўша ўша узоқ  94-йилда Азамат Абдураимов томонидан урилган тарихий  гол, Миржалол Қосимов томонидан амалга оширилган жарима зарбалари, Шадринни японларга урган голи, Мексикада эрта гуллаб, мева тугмаган ёшлар термасининг мазмунли ўйини яна “Насаф” футболчиларининг Осиё кубогини боши узра кўтарган сониялардан бўлак ҳеч вақо йўқ.

    Эслаб ачинадиган дақиқалар эса, керагидан ортиқча...

    Узоқ вақтдан бери “оқ бўрилар” дея аталмуш жамоамиз бирор турнирда ғолиблар сафида бўлганини аллақачон унутганмиз.  “Азаматлар” ҳеч бўлмаса бирор рақибни расмий ўйинларда йирикроқ ҳисобда ютишса ҳам майли, эди...  Улар ижросида амалга оширилган  жарима ёки бурчак зарбаларидан сўнг киритилган чиройли голни қўйинг  ҳеч бўлмаса дарвоза томонга тўғри тепилган стандарт вазиятнинг ўзи анқонинг уруғи бўлиб кетган. Термамизни  ҳужумкорлик, тажовузкорлик рақибни тинимсиз босимда ушлаб туриш каби сифатлар тарк этганига анча бўлди, чоғи. Баъзида сараланган ўн бир йигитнинг майдондаги ҳаракатларини кўриб, уларда ғалаба қозонишнинг умумий ғояси йўқ эканлигига гувоҳ бўласиз.     

    Ўйимнинг ёнида мактаб стадиони бор. Маҳалла болалари кечки салқинда  иккига бўлиниб тўп тепишади. Қизиғи, ҳар бир ҳужумчи ва дарвозабонга лақаб қўйиб олишган. Ҳужумчиларни кўпроқ ўша дунёни иккига бўлиб олган футболчилар исми билан ёки Зидан, Ибрагимович, Руни, Рауль  номлари билан аташар экан. Дарвозабонлар яхлит  Касильяс ёки Нойер.

    Мана, ҳозирги ўзбегим ёшларининг футболдаги идеаллари кимлар!

    Бундан ўн икки йил олдин юртимизда туғилган ўғил чақалоқларнинг ярмини исми Миржалол ёки Азамат эди...

    Энди бўлса...

    Ҳозир мухлислар термада рўй бераётган ҳар бир ўзгаришни фақат салбий жиҳатини кўришмоқда. Терма ўйинларига бўлган қизиқиш кескин пасайган. Асосий жамоамизнинг зўр юлдузи йўқ!

    Аслида, ватанимиз мадҳияси остида майдонга тушиб, унинг футболдаги салоҳиятини кўз-кўз қилиши зарур бўлган жамоага муносабат ундай бўлмаслиги керак!

    Бунинг учун эса терма жамоа ҳам мос равишда  мухлисларга бўлган муносабатни ўзгартириши лозим. Эшитдик, янги мураббий олий лига жамоаларининг фан клублари етакчилари билан учрашибди(термага тайинланган янги мураббий алоҳида мавзу, бу ҳақда эрта-индин тайёр бўладиган “Бамбарбия керкуду” деб номланган мақоламда гаплашамиз).  Яна журналистлар билан қатор матбуот аннжуманлари ташкил этилибди.

    Ҳай майли, бу ёмон эмас. Лекин, аммо, бироқ, ваҳоланки, хусусан... Мухлислар фикрини ўзгартирадиган ягона йўл битта! Бу - майдонда ҳар қандай рақибга қарши “достойный” ўйнаш ва ғалаба қозониш! Рус тилидаги сўздан фойдаланганим учун узр, маъно жиҳатдан аниқ ва тиниқ муқобилини топа олмадим.

    Мухлис халқи ҳам анойи эмас, терма жамоани ҳар бир ўйинини етарли даражада таҳлил қила олади. Бунга мисол ЖЧ-2014 саралаши Эрон термаси билан ўз майдонимизда бўлиб ўтган омадсиз учрашувдан сўнг, деярли барча ишқибозлар жамоа форсларга нисбатан анча кучли ўйнагани учун мағлубиятдан у қадар фожеа ясамаган эди.

    Ўйлаймизки,  сўнги йилларда мухлислар раҳмини келтиришдан бошқа нарса эплай олмаётган ва деярли “оқ қўзичоқ”қа айланган жамоани худди “бўридек тишини кўрсатадиган” пайт ҳам етиб келди. Мухлисларнинг уларга бўлган ҳурмати, эҳтироми  масаласида эса юқорида сўз юритдик.

    ЗЕРО,  ҲУРМАТ СОТИБ ОЛИНМАЙДИ, БАЛКИ ҚОЗОНИЛАДИ!
                                                                                                                Элмурод ЭРМАТОВ
  • Манба: www.uff.uz   

Комментариев нет:

Отправить комментарий